Сунъий интеллект олдин номаълум бўлган экстремал иқлим ҳодисасини аниқлади
СИ Европадаги экстремал ҳарорат таҳлили учун маълумотлар жамланмасини ўрганиб чиқди ва у анъанавий усулда олинган натижалардан сезиларли даражада фарқ қилувчи кўрсаткичларга дуч келди.
Дунёда 30 мингдан ортиқ метеостанциялар мавжуд бўлиб, улар деярли ҳар куни ҳарорат, ёғингарчилик ва об-ҳавога оид бошқа кўрсаткичларни ўлчайди. Тадқиқотчилар эса ой ва йил давомида кузатиладиган ҳароратларни аниқлаши учун тўпланган улкан ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиши лозим. Олимлар ўз ишларини енгиллаштириш учун сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланиб кўришга қарор қилди.
Қайд этилишича, сунъий интеллект Европадаги экстремал ҳарорат таҳлили учун маълумотлар жамланмасини ўрганиб чиққан. У маълумотларни тўплашнинг анъанавий усулидан олинган натижалардан сезиларли даражада фарқ қилувчи кўрсаткичларга дуч келган. Бундан ташқари, сунъий интеллект авваллари маълум бўлмаган экстремал иқлим ҳодисасини аниқлаган.
Сайёрада иқлим жуда тез ўзгариб бораётгани боис режалаштириш бўйича мутахассислар ҳозирги экстремал ҳодисалар ва улар келажакда нималарга олиб келишига тайёр туриш учун ҳарорат ҳамда ёғингарчилик қандай ўзгаришини билишлари керак. Ҳамбургдаги Иқлим ўзгаришини аниқлаш маркази вакили Этен Плезиа бошчилигидаги британ ва испаниялик олимлар гуруҳи экстремал ҳароратлар сунъий интеллектнинг нейрон тармоғи усулларини қўллаш учун истиқболли майдон эканини маълум қилди.
Олимлар асосий эътиборини Европага қаратди. Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда улар экстремал иқлим ҳодисалари — фавқулодда иссиқ ва совуқ кунларга оид кузатувларини қайта тиклади. Аниқланишича, улар CRAI (иқлим реконструкцияси учун сунъий интеллект) деб атайдиган тизим иссиқ ҳамда совуқ кун ва тунларни ҳисоблашда бир нечта интерполяция усулларидан ўзиб кетган.